Ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка мажбурлаган директор ишдан олинди
3-саҳифа
−
06 Январь 5499 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбур қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат ўрганилганда туман ҳудудидаги 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Х.Н. томонидан педагогик жамоага уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклангани – амалдаги тартибларга зид равишда навбатчилик қилишлари талаб этилгани аниқланган.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг бугун, 6 январдаги буйруғига асосан 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи Х.Н. вазифасидан озод этилган.
“Тизим раҳбарлари келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликлари юзасидан огоҳлантирилди. Ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари ва фойдаланувчиларидан битта мактабдаги жараённи бутун тизимдаги ҳолат сифатида баҳоламасликларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 11-сонли умумтаълим мактабида ўқувчига нисбатан қўпол жисмоний ҳаракатлар содир этган ўқитувчи ишдан олинган эди.
Live
Барчаси