Ўқувчиларни китоб билан урган ўқитувчи ишдан олинди
3-саҳифа
−
29 Октябрь 8289 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 11-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи томонидан ўқувчига нисбатан қўпол жисмоний ҳаракатлар содир этилгани акс этган видеохабар тарқалди. Ҳолат бўйича вилоят Мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳолат жорий йилнинг май ойида 11-сонли умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия ўқитувчи А.Л. томонидан содир этилган. У бундай қўполликни ўзи раҳбарлик қилаётган 9-синф ўқувчиларига нисбатан амалга оширган. Ўқувчиларнинг ўзлаштириши, дарсларда иштироки паст эканини рўкач қилиниб, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган сўзлар билан ўқувчиларни ҳақорат қилган ва уларнинг шаъни, қадр қимматини топтаб, калтаклаган.
Ҳолатни ўрганиш мақсадида тузилган масъуллардан иборат ишчи гуруҳ ўқитувчининг хатти-ҳаракатларини ноқонуний ва педагогик тарбия меъёрларига тўғри келмаслигини асослаб берган. Бундан ташқари, ҳолат шу кунга қадар мактабнинг маънавий масалалар бўйича директор ўринбосари томонидан ўрганилмагани, ўқитувчини тартибга чақирмагани ҳам аниқланган.
Айни пайтда мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Мактаб директори ўринбосарига ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Билдирилишича, вазият ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан назоратга олинган. Ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида ўқитувчи мактабга футболка кийиб борган ўқувчини уриб, елкасини синдирганди.
Live
Барчаси