Туркманистон авиакомпанияси Москвага борадиган рейсларни 1 ойга тўхтатди
Олам
−
28 Декабрь 2024
2729“Туркманистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси Россиянинг Москва шаҳрига учадиган мунтазам рейсларини вақтинча бекор қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 30 декабрдан 31 январга қадар “Ашхобод – Москва – Ашхобод” йўналиши бўйича амалга ошириладиган рейслар бекор қилинган. Бу каби қарор нима сабабдан қабул қилингани очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учраганди. Авиакомпания маълумотларига кўра, самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, 29 киши омон қолган. 38 киши ҳалок бўлган.
Шундан сўнг Azerbaijan Airlines авиакомпанияси Баку-Грозний йўналишидаги Embraer 190 самолётининг ҳалокатидан сўнг Россиянинг 10 та шаҳрига парвозларни тўхтатганди. Унга кўра, авиакомпания жорий йилнинг 28 декабридан бошлаб Россиянинг ўнта шаҳрига парвозларни амалга оширмайди. Гап Минеральние Води, Сочи, Волгоград, Уфа, Самара, Саратов, Нижний Новгород, Владикавказ, Грозний ва Махачқаъла шаҳарлари ҳақида кетмоқда. Дастлаб авиакомпания етти шаҳарга парвозларни тўхтатишини билдирган, кейинчалик эса рўйхатга яна учта шаҳарни қўшган.
Azerbaijan Airlines бу қарорни хавфсизлик сабабли қабул қилганини, Эмбраэр 190 самолёти аварияси бўйича дастлабки тергов якунлангунга қадар парвозлар қайта бошланмаслигини таъкидлаган. Шу билан бирга, авиакомпания Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Астрахань, Қозон ва Новосибирск шаҳарларига парвозларни давом эттиради.
LiveБарчаси
06 Январь