Туркия Сурияда Исроил самолётларини уриб туширишга тайёр – ОАВ
Олам
−
11:10
7615Туркия Сурияда фаолият юритаётган “Халқ мудофаа кучлари” (SDF) ҳаракатига Исроил ҳарбийлари томонидан ўт очиш билан кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдамга жавобан Исроилнинг ҳарбий самолётларини уриб туширишга тайёр. Бу ҳақда “Yeni Şаfаk” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, турк томони Исроилга SDF'ни қўллаб-қувватлашга йўл қўймаслигини аниқ тушунтирган. Анқара уларни “Курдистон Ишчилар партияси”нинг (Туркияда террорчи ташкилот деб эътироф этилган) бир қисми деб билади.
“Агар Исроил бундай ҳаракатларни амалга оширишга қарор қилса, бизнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларимиз ва қирувчи самолётларимиз душман самолётларини йўқ қилишга тайёр туради. Бунга оид тегишли буйруқлар Туркия Қуролли кучлари Бош штабига аллақачон берилган”, дейди юқори лавозимли расмий манба.
Туркия ҳукумати аввалроқ шимолий Сурияда хавфсизлик зонасини яратиш ишларини якунлаш ниятида эканини билдирган. Ушбу зона чегарадош ҳудудлардан келаётган террорчилик таҳдидларини минималлаштириш ва қўшни давлат билан 600 километрлик чегара ҳудудини назорат қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
“Israel Hayom” нашрига кўра, суриялик курдлар Исроилдан ёрдам сўраган. Улар ўртасидаги мулоқот Дамашқда ҳокимият алмашинувидан сўнг сезиларли даражада мустаҳкамланган. Нашрнинг ёзишича, Исроил бунинг Туркия билан муносабатларга таъсири ва АҚШнинг можароларни дипломатик йўл билан тўхтатишга интилиши фонида ўзига хос муаммо билан юзлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Анқарада Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен учрашиб, Сурияда Башар Асад режими ағдарилгандан кейинги ўтиш даври, мамлакатдаги сиёсий жараён ва Ғазода мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш келишуви бўйича масалаларни муҳокама қилган эди.