Фидан Блинкен билан учрашди
Олам
−
13 Декабрь 2024
1828Бугун, 13 декабрь куни Анқарада Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен учрашди. Бу ҳақда “Haber7” хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув маҳаллий вақт билан соат 09:55 атрофида бошланган. АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган баёнотга кўра, Блинкеннинг ташрифи чоғида кун тартибидан Сурияда Башар Асад режими ағдарилгандан кейинги ўтиш даври, мамлакатдаги сиёсий жараён ва Ғазода мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш келишуви бўйича муҳокамалар ўрин олган.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Хоқон Фидан ҳам Сурия ва Ғазо энг муҳим масалалар эканини таъкидлаган.
“Бизнинг устувор вазифамиз Сурияда барқарорликни таъминлашдир. Биз бу масалаларда нима қилишимиз мумкинлиги, умумий ташвишлар нима эканини муҳокама қилдик. Ғазода имкон қадар тезроқ ўт очишни тўхтатишга келишиб олдик. Бу бўйича жадал ҳаракатлар илгари сурилмоқда, аммо минтақадаги зўравонлик спирали тўхтамаяпти”, деди Фидан.
Шунингдек, у Блинкен билан суҳбат янги вазиятда Сурия халқи манфаати йўлида, мамлакат бирлиги, яхлитлиги, бирдамлиги ва суверенитети учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида бўлганини билдирган. Бундан ташқари, ушбу масалада Туркия, Америка ва минтақавий ўйинчиларнинг роли қандай бўлиши кераклиги ва қандай қилиб ҳамкорлик қилиш зарурлиги бўйича фикр юритилган.
"Биз АҚШ ва Туркия ўртасида Сурия келажагига оид умумий маънодаги келишув борлигига ишонамиз. Бу келишувнинг асосий элементи сифатида инклюзив ва дунёвий ҳукумат шаклланишини кўришни хоҳлаймиз”, деди Фидан.
Энтони Блинкен ҳам учрашув бўйича баёнот бериб, АҚШ ва Туркиянинг Сурия келажагидаги ўрни ва ИШИДга қарши курашнинг давом этиши зарурлиги муҳокама қилинганини билдирган.
“Биз Сурия халқи олдидаги имкониятга диққатимизни қаратганмиз. Сурия халқини Башар Асад кишанларидан озод қилишга содиқмиз”, дейди Блинкен.
Шунингдек, Блинкен келажакда Сурия ҳукуматининг қўшниларига хавф туғдирмайдиган сиёсат олиб боришига умид билдирган. Бундан ташқари, у аёллар ҳуқуқлари, этник ва диний озчиликнинг манфаатларини ҳимоя қилиш Сурия ҳукумати фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Блинкен Сурия ўз ҳудудида кимёвий қуроллар бор-йўқлигини текширишга рухсат бериб, топилган тақдирда уни йўқ қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик қилишига умид билдиришини қўшимча қилган.
“Туркия Ташқи ишлар вазири айтганидек, биз Сурия масаласига диққатни жамладик. Шунингдек, Туркия, Қўшма Штатлар ва минтақадаги бошқа шериклар ушбу жараённи қандай қўллаб-қувватлаши мумкинлигини муҳокама қилдик", деди Блинкен.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарадаги Эсенбоға аэропортида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни қабул қилган эди. Матбуотга ёпиқ тарзда ўтказилган томонлар учрашувида Туркия ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, Суриядаги сўнгги воқеалар, глобал ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинган.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь
Доллар курси пастлади.
14 Январь