Тўқаев Эрон зарба берган давлатларга бирдамлик мактуби йўллади

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Қатар, Баҳрайн ва Қувайт раҳбарларига шахсий мактублар йўллаб, ушбу оғир синовлар даврида мазкур мамлакатлар халқларига самимий қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик изҳор этди. Бу ҳақда Қозоғистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон учун дўст ва биродар бўлган давлатларнинг суверенитети ҳамда хавфсизлигига путур етказишга қаратилган барча ҳарбий ҳаракатларни қатъий қоралаган.

“Мамлакатимиз мураккаб халқаро муаммолар ва қуролли можароларни фақат дипломатик воситалар орқали ҳал этиш тарафдори бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади”, дейилади мактубларда.

Давлат раҳбари, шунингдек, Қозоғистон биродар араб мамлакатларига имкон доирасида ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдириб, уларнинг олий раҳбарлари билан доимий ишчи алоқалар давом этишига умид билдирган.

Қайд этиш жоиз, бунгача Эрон атрофидаги вазият кескинлашгани муносабати билан Қозоғистоннинг барча куч тузилмалари тун-у кун иш режимига ўтказилганди.  

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри аэропортига Эрон дронлари ҳужуми оқибатида тўрт киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди.

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига “иммунитет” олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.

Дональд Трамп Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев АҚШ–Исроил–Эрон уруши бирдамлик мактуби

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг