Трамп Хоманаий ўлдирилганини эълон қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилганини эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг Trush Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

“Тарихдаги энг ёвуз инсонлардан бири бўлган Хоманаий вафот этди. Бу нафақат Эрон халқи учун, балки барча буюк америкаликлар ҳамда дунёнинг кўплаб мамлакатларида Хоманаий ва унинг қонхўр босқинчи тўдаси томонидан ўлдирилган ёки майиб қилинган инсонлар учун ҳам адолат тантанасидир. У бизнинг разведкамиз ва ўта юқори технологияли кузатув тизимларимиздан қочиб қутула олмади. Исроил билан яқин ҳамкорликда амалга оширилган ишлардан сўнг, на унинг ва на у билан бирга ўлдирилган бошқа раҳбарларнинг қўлидан бирор нарса келмади.

Бу Эрон халқи учун ўз мамлакатини қайтариб олиш учун ягона ва энг буюк имкониятдир. Бизга етиб келаётган хабарларга кўра, кўплаб Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аъзолари, ҳарбийлар ҳамда бошқа хавфсизлик ва полиция кучлари энди жанг қилишни хоҳламаяптилар ва биздан дахлсизлик сўрашмоқда. Кеча кечқурун айтганимдек: “Ҳозир улар дахлсизлик олишлари мумкин, кейин эса фақат ўлим топадилар!”

Умид қиламанки, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва полиция Эрон ватанпарварлари билан тинч йўл билан бирлашади ва мамлакатни ўзи лойиқ бўлган буюкликка қайтариш учун бир жамоа бўлиб меҳнат қилади. Бу жараён тез орада бошланиши керак, чунки нафақат Хоманаийнинг ўлими билан, балки бутун мамлакат атиги бир кун ичида жуда катта вайронага айланди, ҳатто ер билан яксон қилинди. Бироқ аниқ нишонга олинган кучли бомбардимонлар бутун ҳафта давомида ёки Яқин Шарқда ва аслида бутун дунёда тинчликка эришиш мақсадимиз амалга ошмагунча тўхтовсиз давом этади! Ушбу масалага эътиборингиз учун раҳмат. Президент Дональд Ж. Трамп”, деб ёзди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Reuters” исроиллик юқори лавозимли шахсга таяниб, Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилгани, унинг жасади топилиб, сурати Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга кўрсатилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ ҳали бу хабар Эрон томонидан тасдиқланмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Оятуллоҳ Али Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг