Эронга ҳужум: Қозоғистон куч тузилмалари тун-у кун иш режимига ўтди

Олам

image

Эрон атрофидаги вазият кескинлашгани муносабати билан Қозоғистоннинг барча куч тузилмалари тун-у кун иш режимига ўтказилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Ойбек Смадияров маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, Қосим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши котиби Гизат Нурдавлатовга куч тузилмалари ва тегишли вазирликлар раҳбарлари билан биргаликда Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви ва Қозоғистондаги барқарор вазиятга таҳдид белгилари пайдо бўлиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда, фавқулодда чоралар кўриш бўйича ишлаб чиқилган режани тақдим этишни топширган.

Давлат раҳбари топшириғига кўра, барча куч тузилмалари аллақачон тун-у кун иш режимига ўтказилган. Ҳукуматда Ташқи ишлар вазирлиги кураторлигида махсус мониторинг гуруҳи иш бошлаган. Вилоят ҳокимларига Яқин Шарқдаги мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда чоралар кўриш топширилган.

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг