Тўқаев ҳам Хитой Бош вазири ўринбосарини қабул қилди
Олам
−
16 Май
2298Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатга расмий ташриф билан борган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Лю Гочжунни қабул қилди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида Қозоғистон-Хитой стратегик шериклигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари эришилган келишувларнинг икки мамлакат ҳукуматлари томонидан амалга оширилишининг бориши муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Қозоғистон Хитойнинг ишончли ҳамкори экани ва шундай бўлиб қолишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Хитой билан икки томонлама муносабатларни янги сифат босқичига олиб чиқиш Қозоғистон учун энг муҳим устувор йўналишдир.
“Қозоғистон-Хитой алоқаларида ҳар томонлама стратегик шериклик ва абадий дўстлик изчил юксалиш йўлида ривожланиб, келажакка қаратилганини катта мамнуният билан қайд этмоқчиман. Хитой Қозоғистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб, ўзаро савдо ҳажми бўйича биринчи ўринда туради. 2023 йил охирида бу кўрсаткич рекорд даражадаги 40 миллиард долларга етди. Товар айирбошлаш ҳажмини 100 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйдик. Бизнинг фикримизча, бу кўрсаткичга эришиш мумкин”, деган Тўқаев.
Ўз навбатида, Лю Гочжун ҳам Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда ижобий динамикани қайд этди.
“Сиз Хитой халқининг азалий ва яхши дўсти сифатида ўтган йиллар давомида Хитой-Қозоғистон муносабатларини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшдингиз, бу Хитой томони томонидан юқори баҳоланмоқда. Ишончим комилки, Қозоғистон сизнинг раҳбарлигингизда давлатни ривожлантириш, қудратли ва гуллаб-яшнаган Янги Қозоғистонни барпо этиш йўлида олға интилади. Хитой ва Қозоғистон яхши қўшнилар, ишончли шериклар ва бир-бирини тўлдирадиган жуда яхши дўстлардир”, деган Хитой Бош вазири ўринбосари.
Суҳбат чоғида савдо, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, энергетика ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Маълумот учун, Хитой Бош вазири ўринбосарининг Марказий Осиё давлатларига сафари 20 майгача давом этади. У Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлган ва Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг еттинчи йиғилишида қатнашган. Қозоғистондан сўнг у Қирғизистонга ҳам сафар қилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонга сафар қилганди. Кэмерон мазкур сафардан Марказий Осиё мамлакатларига Буюк Британия ҳамда минтақада таъсир ўтказиш учун курашаётган Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилиш ўртасида “танлов” қилиш имконини беришни кўзлаганини очиқ айтди. Кэмерон кетганидан кўп ўтмай, 26 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди. Учрашувдан сўнг матбуотга баёнот берган Галузин Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифи Россияга максимал даражада зарар етказишга ва уни иттифоқдошларидан узоқлаштиришга қаратилганини таъкидлади.
LiveБарчаси