Мирзиёев Хитой Бош вазири ўринбосари билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 13 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Лю Гочжун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Хитой делегацияси раҳбари Ўзбекистон етакчисига ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Давлат кенгаши Бош вазири Ли Сяннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Жорий йил январь ойида Хитойга амалга оширилган олий даражадаги ташриф якунида эришилган келишувлар ижросининг бориши таҳлил қилинган.

Қўмита фаолияти самарали натижалар бераётгани, товар айирбошлаш ва жалб этилаётган инвестициялар ҳажми барқарор ошаётгани, мунтазам авиақатновлар сони кўпайиб бораётгани, маданий тадбирлар фаол ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилган.

"Савдо кўрсаткичларида мувозанатни таъминлаш ва мамлакатимиз маҳсулотларининг Хитой бозорига кириши учун қулай шароитлар яратиш, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида муҳим инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар кооперациясини кенгайтириш, гуманитар, таълим ва туризм дастурларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди", дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлини қуриш лойиҳаси бўйича ишларнинг амалий босқичини тез фурсатда бошлаш билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Мирзиёев Раиси Си Цзиньпин Ли Сяннинг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made