Трампнинг одами Зеленский билан учрашди (видео)

Олам

image

Бугун, 20 февраль куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили  Кит Келлогг Украина раҳбари Владимир Зеленский билан учрашди. Бу ҳақда Украина етакчиси ўз Telegram саҳифасида ёзиб қолдирди. 

Маълум қилинишича, Зеленский Украинага ёрдамларини аямагани учун АҚШ вакилига ўз миннатдорлигини билдирган.

“Мен Қўшма Штатларга Украина ва Украина халқига кўрсатган барча ёрдами ва икки томонлама ёрдами учун миннатдорман”, дея ёзиб қолдирган Зеленский.

Унинг қўшимча қилишича, ўзаро суҳбат давомида кейинги қадамлар, Украинанинг хавфсизлик кафолати ҳақида самимий суҳбат бўлиб ўтган.

“Америка кучини ҳис қилиш биз учун ва бутун эркин дунё учун муҳим. Биз жанг майдонидаги вазият ва барча асирларимизни қандай қайтариш, шунингдек, самарали хавфсизлик кафолатларини батафсил муҳокама қилдик”, деган давлат раҳбари.

Қолаверса, Украина етакчиси сармоя масаласига оид янги ва кучли келишувга тайёрлигини билдирган.

“Украина АҚШ Президенти билан сармоя ва хавфсизлик бўйича кучли, чинакам манфаатли келишувга тайёр. Биз натижаларга эришишнинг энг тез ва конструктив усулини таклиф қилдик. Бизнинг жамоамиз 24/7 ишлашга тайёр”, дея ишонч билан гапирган Зеленский.

Эслатиб ўтамиз, Кит Келлогг ва Зеленский учрашуви Трамп ва Украина раҳбарининг бир-бирига қарши баёнотлари фонида кечмоқда. 18 февраль куни Дональд Трамп Флориданинг Мар-а-Лаго шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украинада сайловлар узоқ вақтдан бери ўтказилмагани ва халқ Президент Зеленскийдан унчалик мамнун эмаслигини, унинг ишончи 4 фоизгача тушиб кетганини айтганди.

Бунга жавобан Украина Президенти Владимир Зеленский эса кеча, 19 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Трампга жавоб қайтариб, унинг ишонч рейтинги 57 фоизни ташкил этишини, Трамп Зеленскийнинг ишонч рейтинги 4 фоизга баҳолангани ҳақидаги сўзларини Россиядан келган маълумотларга асосланганини, ҳозирда ҳеч ким уни алмаштира олмаслигини айтди.

Орадан кўп ўтмай Трамп яна бир баёнот билан чиқиб, Зеленскийни “сайловларсиз диктатор” ва “муваффақиятли комедиячи” деб атади. Шунингдек, Трамп Зеленский сайловларда қатнашишдан бош тортганини, Байденни “скрипка каби” чалишни  яхши билганини ёзди.

Қолаверса, “Reuters” нашри ҳам шу орада Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери биринчи марта Қўшма Штатлар БМТ Бош Ассамблеясининг Киевни қўллаб-қувватловчи ва Москванинг ҳаракатларини қораловчилар қаторига кирмагани ҳақида ёзди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Россия-Украина Владимир Зеленский Кит Келлогг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг