Трамп яна Афғонистондаги базага кўз тикяпти

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳукумат Афғонистондаги Баграм авиабазасини қайтариб олиш устида ишлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 18 сентябрь куни Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан Лондонда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.

Трампнинг айтишича, Баграм дунёдаги энг йирик авиабаза ҳисобланади.

“Биз Баграмни ўзимизда қолдирмоқчимиз. Уни шунчаки топшириб қўйдик. Айтганча, биз уни қайтариб олишга уриняпмиз. Бу кичкинагина сенсацияга айланиши мумкин”, деган Оқ уй раҳбари. 

У, шунингдек, АҚШ базани қайтариб олишга интилаётганининг сабаби Хитой билан боғлиқ эканини таъкидлаган. 

“Буни қайтариб олишни хоҳлаймиз, чунки улар биздан ниманидир кутяпти. Базани қайтаришимизнинг сабабларидан бири – у Хитой ўз ядро қуролини ишлаб чиқарадиган жойдан атиги бир соатлик масофада жойлашгани”, деган Трамп. 

АҚШ раҳбари бу сўзлари билан Хитойни ҳам сиртдан назорат қилмоқчи эканини кўрсатиб қўйган. Аслида, Трампнинг яқин ойлар ичида Хитойга нисбатан ишончи йўқолди. Бунга Хитойнинг сўнгги ойлардаги бўйсунмаслик принципи, божларга қарата бош эгмаслик ва АҚШга яқин бўлмаган давлатлар билан мулоқотда бўлиши сабаб бўлган. 

Маълумот учун, 2001–2021 йилларда Баграм аэродроми АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг энг йирик базаси бўлган. 2021 йилда америкаликлар уни тарк этган, айнан ўша йилнинг ёз ойида эса база “Толибон” муваққат ҳукуматининг қўлига ўтган эди. 

2021 йилнинг 14 апрелида АҚШнинг 46-президенти Жо Байден Афғонистондаги операцияни якунлашни эълон қилган эди. Бу АҚШ тарихидаги энг узоқ хориждаги ҳарбий кампания бўлиб, у 2001 йил октябрида бошланган. Кампаниянинг энг юқори чўққиси пайтида (2010–2013 йилларда) мамлакатда халқаро кучлар сони 150 мингдан ошган эди. Асосий АҚШ ва НАТО бўлинмалари 2014 йилда чиқиб кетган, сўнгги америкалик аскарлар эса 2021 йил сентябрь бошида Афғонистонни бутунлай тарк этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” муваққат ҳукумат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид АҚШнинг Афғонистондаги Баграм базасини қайта назоратга олиши Президент Дональд Трампнинг “туши” экани ва у шундайлигича қолишини айтганди. Мужоҳид, шунингдек, Трампнинг Баграм базаси ҳозир Хитой томонидан бошқарилаётгани ҳақидаги даъволарини ҳам рад этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон НАТО Дональд Трамп Баграм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг