Трамп Баграмни тушида қайтариб олади – “Толибон”
Олам
−
04 Февраль 19953 3 дақиқа
АҚШнинг Афғонистондаги Баграм базасини қайта назоратга олиши Президент Дональд Трампнинг “туши” холос ва у шундайлигича қолади. Бу ҳақда бугун, 4 февраль куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди.
Мужоҳид, шунингдек, Трампнинг Баграм базаси ҳозир Хитой томонидан бошқарилаётгани ҳақидаги даъволарини ҳам рад этди.
“Бу база ислом амирлиги кучлари қўлида. Афғонистон мустақил ва биз ўз ҳудудимизни ҳеч қайси давлатга топширмаймиз. Баграм бизнинг ўз кучларимиз назоратида, Хитойники эмас. Трамп Баграмни тушида қайтариб олади. Америка бу фикрдан ҳам, Ашраф Ғани режимини қайта тиклаш ғоясидан ҳам воз кечиши керак”, деди Мужоҳид.
У, шунингдек, 2021 йил август ойида АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг қолиб кетган Америка қуроллари ҳарбий ўлжа сифатида қўлга киритилганини таъкидлаб, уларни “мустақиллик ва тузумни ҳимоя қилиш учун” ишлатилишини айтган.
“Биз собиқ президент Ашраф Ғани маъмурияти эмасмиз. Сиз нима буюрсангиз, шуни бажаришимизни кутманг. АҚШ бизга етиб кела олмайди, лекин у пропаганда тарқатмоқда. Улар ўз мағлубиятларини унутиши осон эмас. Трампнинг барча баёнотлари сайлов билан боғлиқ эди, аммо энди у ҳокимиятга қайтди ва аста-секин вазият моҳиятини англаб бормоқда”, дейди Мужоҳид Қўшма Штатларга мурожаат қилиб.
Мужоҳид “Толибон”нинг халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмагани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган. Унга кўра, ҳозирги боши берк кўчада тузумни айблаш нотўғри. Бир томоннинг рухсатисиз ўзаро муносабатларни яхшилашга қаратилган ҳаракатлар натижа бермайди. Давлатлар АҚШ раҳнамолигисиз мустақил равишда муносабат ўрната олмайди. Ҳатто БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам, БМТнинг ўзи ҳам АҚШ таъсири остида. Аммо ҳозирги кескин вазиятга қарамай, “Толибон” 40 та давлат билан дипломатик алоқаларга эга.
Бундан ташқари, у мамлакат, айниқса пойтахтдаги таранг вазият ҳақидаги хабарларга ҳам жавоб қайтариб, “Толибон” кучларини “чалғимаслик” ва “медиа тарғиботининг қурбони бўлмаслик” ҳақида огоҳлантирган.
Маълумот учун, 2024 йил 21 июль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп сайловолди кампаниясида Баграм авиабазаси дунёдаги энг йирик ҳарбий базалардан бирилигини, унга миллиардлаб доллар маблағ сарфланганини ва уни қайтариб олиш ниятида эканини айтганди.
Унинг сўзларига кўра, Хитой Баграмдан бир соатлик масофада жойлашган бўлиб, хитойликлар у ерда ядро қуроллари ишлаб чиқармоқда ва айни пайтда базани ўз назоратига олган.
“Мен ҳам (Афғонистондан) чиқишни режалаштирган эдим. 21 йилдан сўнг албатта кетиш керак. Лекин, мен Баграмни сақлаб қолган бўлардим. У Хитойнинг ядро қуролларини ишлаб чиқараётган ҳудудидан бир соатлик масофада жойлашган. Биз уни уларга шунчаки аҳмоқона топширдик”, деганди Трамп ўшанда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили август ойида “Толибон” Афғонистондаги АҚШнинг собиқ ҳарбий-ҳаво базаси Баграмда ҳокимиятга қайтганининг уч йиллигини нишонлаб, йирик ҳарбий парад ўтказган эди.
Live
Барчаси