Трамп таҳдиди фонида Си Цзиньпин Ҳиндистон етакчисига сирли мактуб йўллади
Олам
−
28 Август 5189 2 дақиқа
Жорий йилнинг март ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ҳиндистон Президенти Драупади Мурмуга махфий мактуб йўллади. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ушбу сирли мактуб АҚШнинг Хитой маҳсулотларига қарши божлар жорий қилганидан сўнг йўлланган. Бу хат Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги музокараларга янги эшик очиш ва муносабатларни яхшилаш мақсадида ёзилган. Унда Пекин АҚШ билан ҳар қандай келишув Хитой манфаатларига зарар етказиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Хабар қилинишича, мактуб Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг қўлига ҳам етказилган.
Хат юборилгач, Си Цзиньпин чиқиш қилиб, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни “танго рақси”га қиёслаган. Июнь ойида эса, Ҳиндистон ҳукумати ҳам Пекин билан алоқаларни яхшилаш бўйича фаол қадамлар ташлай бошлаган. Август ойида эса икки давлат ўзаро чегара масалаларини ҳал этиш бўйича кучларни икки баравар оширишга келишган. Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И август ўрталарида Нью-Деҳлига ташриф буюрган. Ушбу ташриф доирасида томонлар авиарейсларни қайта тиклаш ва янги ҳаво қатновлари келишувини имзолаш бўйича музокара олиб борган.
Шунингдек, Хитой Ҳиндистоннинг 2026 йилда BRICS саммитини ўтказишини қўллаб-қувватлашини билдирган, Ҳиндистон эса 2027 йилда Хитой саммитига худди шундай ёрдам беришга ваъда қилган.
Бу воқеаларнинг барчаси АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши фонида кечмоқда. АҚШ февралдан бошлаб Хитой маҳсулотларига бож қўя бошлаган ва апрелга келиб уларнинг миқдори 145 фоизга етган. Хитой ҳам қўлни чўнтакка солганича жим турмай, АҚШга жавоб қайтарган. У турли махсулотларга божни 125 фоизгача оширган. Май ойида томонлар вақтинчалик келишувга эришиб, божларни сезиларли даражада камайтирган бўлса-да, Трамп тез орада Пекинни келишувни бузишда айблаган.
25 июнда АҚШ ва Хитой янги савдо битими имзолагани эълон қилинди, бироқ Трамп кейинги келишувлар фақат айрим давлатлар билан бўлишини таъкидлаган. Шу жараёнда АҚШ “милтиқ”ни Ҳиндистонга қаратди ва Россия нефтини импорт қилгани учун Нью-Деҳлига қарши қўшимча бож чораларини жорий қилди. Аввал 25 фоизлик бож киритилган бўлса, 27 августдан бошлаб умумий тариф 50 фоизга етди.
Шу тариқа, Си Цзиньпиннинг сирли мактуби икки йирик давлат – Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларга янги йўл очиб берди, аммо у глобал савдо уруши ва АҚШнинг босим сиёсати фонида янада мураккаб тус олмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россиядан нефть импорти бўйича танқидларини “асоссиз ва мантиқсиз” деб атаганди. Вазирликка кўра, ғарбликларнинг ўзи ҳам Россия билан алоқаларни узмаган ва ҳозиргача шерикчилик қилиб келади.
Live
Барчаси