Трамп сиёсий шарҳловчини Миллий разведка директорлигига қўймоқчи
Олам
−
14 Ноябрь
2516АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Тулси Габбардни АҚШ Миллий разведкаси директори лавозимига тайинлашга қарор қилди. Бу ҳақда Трамп жамоасининг ҳокимиятни топшириш ҳақидаги баёнотига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Баёнотда айтилишича, собиқ конгрессмен подполковник Тулси Габбард Республикачи ва Демократик партиялар томонидан кенг қўллаб-қувватланади.
“Тулси бизнинг разведка ҳамжамиятимизга ўзининг юксак мартабасини белгилаб берган қўрқмас руҳни олиб келади, конституциявий ҳуқуқларимизни ҳимоя қилади ва куч билан тинчликни таъминлайди. Тулси барчамизни фахрлантиради”, деган Трамп.
43 ёшли Габбард 2003 йилдан бери АҚШ армияси Миллий гвардиясида хизмат қилган ва 2004 йилдан 2005 йилгача Ироқдаги АҚШ армиясининг дала тиббий бўлинмасида хизмат қилган. 2020 йилда у армия захирасига ўтган ва бир йилдан сўнг подполковник унвонини олган.
Ўтмишда Тулси Габбард “Fox News” телеканалида сиёсий шарҳловчи бўлган ва Демократик партия аъзоси эди. Аммо 2022 йилда у ўз сафини тарк этган ва 2024 йил августидаги сайловолди кампаниясида Трампни қўллаб-қувватлади.
“Associated Press” агентлигининг таъкидлашича, Тулси Габбард тўғридан тўғри разведка ҳамжамиятида ишламаган, ички хавфсизлик ва қуролли кучлар бўйича тегишли палата қўмиталари эса бундан мустасно.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Дональд Трамп ўзининг бўлажак маъмуриятидаги лавозимларга номзодларни танламоқда. Трамп Флорида штати сенатори Марко Рубиони Давлат котиби, конгрессмен Мэтт Гетцни эса Адлия вазири ва Бош прокурор этиб тайинлаш ниятида эканини маълум қилди. Шунингдек, Трамп “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсетни Пентагон раҳбари, конгрессмен Майк Вальсни Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ва бизнесмен Илон Маскни АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаментига раҳбар этиб тайинлашга қарор қилган эди.
LiveБарчаси