Илон Маск юқори лавозимга тайинланади
Олам
−
13 Ноябрь
10270АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп миллиардер Илон Маск ва президентликка собиқ номзод ва Трампнинг иттифоқдоши Вивек Рамасвами янги Ҳукумат самарадорлиги департаментига раҳбарлик қилишини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 12 ноябрь куни баёнот берди.
Трампнинг айтишича, Ҳукумат самарадорлиги департаменти АҚШ ҳукуматининг федерал агентлиги бўлмайди, балки “ҳукуматдан ташқарида” маслаҳат ва йўл-йўриқлар беради ҳамда “туб ҳукумат ислоҳотларини амалга ошириш” учун Оқ уй ва Бошқарув ва бюджет бошқармаси билан ҳамкорлик қилади.
Янги сайланган президент ушбу янги департаментнинг молиялаштириш манбалари ҳақида батафсил маълумот бермаган.
“Мен Илон ва Вивекнинг федерал бюрократияга самарадорликни кўзлаб ўзгартиришлар киритишини ҳамда шу билан бир вақтда барча америкаликлар ҳаётини яхшилашини интизорлик билан кутяпман”, дея қўшимча қилган Трамп.
Маск 12 ноябръ куни кечқурун янги лавозимга тайинланишига муносабат билдириб, департаментнинг асосий жиҳати жамоатчилик билан шаффофлик бўлишини таъкидлаган.
“Агар жамоатчилик бизнинг муҳим нарсани қисқартираётганимизни ёки беҳуда харажатларни қисқартирмаётганимизни ўйласа, бизга хабар беришсин!” дейди Маск.
Шунингдек, у солиқ тўловчиларнинг пулларини сарфланишини кузатиш учун оммавий “етакчилар жадвали” тузишини айтган.
Трамп эса янги департамент 6,5 триллион долларлик давлат харажатлари доирасида мавжуд бўлган “улкан исрофгарчилик ва фирибгарлик”ни бартараф этишни мақсад қилганини таъкидлаган.
Ҳозирда Х, Tesla ва SpaceX каби олтита компанияга раҳбарлик қилаётган Маскнинг ҳукумат ходими бўлиши кутилмаяпти, чунки бу ундан ўзининг бизнес империясидан воз кечишини талаб қилиши мумкин.
Маълумот учун, 2024 йилги сайлов даврида Трамп, агар президент этиб сайланса, Маскни ўз маъмуриятига жалб қилиш ниятини очиқ-ойдин билдирган эди.
Сентябрь ойида Трамп Нью-Йоркдаги Иқтисодий брифингда сўзга чиқиб, Маск “бутун федерал ҳукуматнинг молиявий ва фаолият самарадорлигини тўлиқ текшириш” ҳамда “кескин ислоҳотлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш” учун махсус ишчи гуруҳга бошчилик қилишини эълон қилганди.
Январь ойида президентликка номзодлигини тўхтатган биотехнология соҳасидаги тадбиркор Рамасвами Трампнинг сайловолди кампаниясини фаол қўллаб-қувватлади.
“Менимча, Дональд Трамп одамлар ҳаётини яхшилашга эътибор қаратмоқда. Аслида, демократларга, ҳатто Дональд Трампга овоз бермаганларга ҳам айтмоқчиманки, унга ҳаётингизни яхшилаш учун имконият беринг”, дейди Рамасвами.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсетни АҚШ Мудофаа вазири лавозимига номзод қилиб кўрсатганини маълум қилганди.
Моҳинур Каримова