Трамп Бош прокурорликка 3 йилдан буён тергов қилинаётган шахс номзодини илгари сурди
Олам
−
14 Ноябрь
4803АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 42 ёшли консерватив конгрессмен Мэтт Гетцни АҚШ Адлия вазирлиги раҳбари ва мамлакат Бош прокурори лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Бу ҳақда Трампнинг ўзи кеча, 13 ноябрь куни Truth Social саҳифасида маълум қилди.
“Мэтт бизнинг чегараларимизни ҳимоя қилади, жиноий гуруҳларни йўқ қилади ва америкаликларнинг Адлия вазирлигига бўлган ишончини қайта тиклайди”, деб ёзади у.
Трамп жамоаси вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс октябрь ойида АBС телеканалига берган интервьюсида айтганидек, Бош прокурор лавозими амалдаги президентликдан кейинги энг муҳим лавозим бўлади. Сайлов кампанияси давомида Трамп муҳожирларни оммавий депортация қилиш, 2021 йил 6 январда Капитолийга бостириб киришда айбдорлар афв этилиши ва сиёсий душманлар устидан тергов ўтказилишини эълон қилганди. Бош прокурор бу ва бошқа лойиҳалар билан шуғулланади. Трамп, шунингдек, Адлия вазирлиги унинг биринчи президентлик муддатига халақит берганидан шикоят қилганди.
“Utah News Dispatch” маълумотларига кўра, Мэтт Гетцнинг Адлия вазирлиги ва Бош прокурори лавозимига таклиф қилиниши жуда кутилмаган қарор ҳисобланади, чунки у АҚШ Конгресси Вакиллар Палатасининг Этика қўмитаси томонидан тергов мавзуси бўлиб қолмоқда. Айбловларнинг аксарияти жинсий зўравонлик, гиёҳванд моддаларни ноқонуний истеъмол қилиш ва қимматбаҳо совғалар олиш билан боғлиқ.
Шу билан бирга, Гетцнинг ўзи қўмита томонидан қўйилган барча айбловларни қатъиян рад этган ва ўзини “консерватив фанатик” деб таърифлаган.
Қўмита тергови 2021 йил апрель ойида бошланган. Қўмита маълумотларига кўра, 2024 йил июнь ойи ҳолатига кўра, Гетц иши юзасидан ўндан ортиқ гувоҳлар сўроқ қилинган, 25 та судга чақирув қоғози чиқарилган ва Гетц терговига оид минглаб саҳифали ҳужжатлар кўриб чиқилган. Унинг раиси Майкл Гестнинг 13 ноябрь куни журналистларга айтишича, АҚШ Сенати Гетцни Бош прокурор этиб тасдиқлагач, қўмитанинг тергов бўйича юрисдикцияси автоматик равишда тугайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсетни АҚШ Мудофаа вазири лавозимига номзод қилиб кўрсатганди. Хегсет жанговар фахрий, Ироқ ва Афғонистонда хизмат қилган. Ўзининг подкастларидан бирида у Россия-Украина урушининг бошланишини “менга ўз урушимни қайтариб беринг” принципидаги Путиннинг уруши деб таърифлаган. У ҳам Трамп каби НАТОнинг айрим аъзолари ўз мудофаасини таъминлаш учун камроқ ҳақ тўлаши сабабли альянсни танқид қилгани маълум.
LiveБарчаси