Тожикистонлик мигрантларнинг текширилиши Москва-Душанбе алоқаларига таъсир қиладими?

Олам

image

Расмий Душанбе Россияда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг Тожикистондан келган меҳнат муҳожирларини текширишини икки давлат муносабатларига босим ва таъсир кўрсатиш ҳаракати деб билмайди. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин матбуот анжуманида сўз очди. 

“Россия Федерацияси билан муносабатларимиз юқори даражада эканини ҳисобга олсак, ҳеч қандай босим бўлиши мумкин эмас”, деган у Тожикистон фуқароларининг текширилишини ўзига нисбатан босим деб ҳисоблайдими, деган саволга жавоб берар экан.

Шу билан бирга, у бу каби текширувлар вақтида фуқаролар ҳуқуқларига риоя этилишини муҳим деб билишини айтган. 

“Биз миграция жараёнини тартибга солиш бўйича бундай режали ва режадан ташқари чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида Россияда бўлган Тожикистон фуқароларининг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши керак, деб ҳисоблаймиз”, дейди ТИВ раҳбари.

Унинг таъкидлашича, бу позиция уларнинг Россиядаги ҳамкасбларига етказилади. 

"Россиядаги дипломатик ваколатхоналаримиз доимий равишда фуқароларимизнинг аҳволи ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар устида ишламоқда. Биз Тожикистон фуқароларини ўзлари жойлашган мамлакат ҳудудида ўз ҳаётларини ва меҳнат фаолиятини олиб боришга чақирамиз. Шу билан бирга, Тожикистоннинг тегишли органлари Россиядаги ҳамкасблари билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кучайтиришлари керак”, дейди Муҳриддин.

Маълумот учун, жорий йилда ОАВда Тожикистон фуқаролари Россияда ҳибсга олингани ҳақида бир неча бор хабар берилган. Тожикистон томонига кўра, маҳбусларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилган. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси раҳбарияти россиялик ҳамкасбларидан республика фуқаролари билан содир бўлган бир неча ҳолатлар туфайли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаракатларини текшириш ва уларга ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Россиядаги Комсомольский-на-Амуре давлат университетида таҳсил олаётган юздан ортиқ тожикистонлик талаба Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сўроққа тутилган ва уларга шафқатсиз муносабатда бўлинганди. Мазкур ҳолат юзасидан Россиянинг Душанбедаги элчиси Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди. Июнь ойида эса Санкт-Петербург шаҳридаги қурилиш майдони ҳудудида меҳнат мигрантлари ўртасида бўлган оммавий муштлашувдан сўнг 380 киши полиция бўлимларига олиб кетилганди. Улар орасида ҳам тожикистонликлар бор эди. Август ойида эса Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган 100 га яқин тожикистонликларнинг Украинадаги урушга юборилганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Тожикистон мигрантлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг