Россия қамоқхоналаридаги юзга яқин тожикистонликлар урушга юборилган – Тожикистон ИИВ
Олам
−
12 Август 2023
9952Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган 100 га яқин тожикистонлик Украинадаги урушга юборилган. Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзодага таяниб, “Asia Plus” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 12 август куни пойтахт Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода журналистларнинг айрим саволларига жавоб берган. Жумладан, у Россия қамоқхоналаридан урушга юборилган Тожикистон фуқароларнинг тахминий сонини ҳам очиқлаган.
“Россия қамоқхоналаридан 100 га яқин тожикистонликлар Украинадаги урушга юборилган бўлиши мумкин”, дейди Раҳимзода.
Бироқ вазир Россия Тожикистонга бундай маълумотларни тақдим этмаслигини ва бу масала бўйича маълумотлар алмашинуви икки мамлакат ўртасидаги амалдаги битимларга киритилмаганини ҳамда мамлакат Россия ва Украина ўртасидаги “можаро”да нейтрал позицияни эгаллашини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик сиёсатшунос Жейсон Жей Смарт Россия таъсири остида бўлган Украинанинг Мариуполь шаҳрида қурилиш ишларига жалб қилинган ўзбекистонликлар урушга сафарбар қилингани ҳақида маълум қилган эди. Унга кўра, Горловкадаги ишғолчилар орасида кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари борлиги аниқланган.
“Ўзбекистонликлар қурилиш ишларини олиб бориш учун босиб олинган Мариуполга келган. Етиб келгач, ўзбекистонликларнинг паспортлари олиб қўйилиб, “кўнгилли” сифатида Украинага қарши жангга жўнатилган”, дейди Жейсон.
Бироқ Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ушбу ҳолат бўйича расмий маълумот бермаган.
LiveБарчаси