Россияда тожикистонлик талабалар ОМОН томонидан дўппосланди. Душанбе хавотирда

Олам

image

Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьев Россияда кўплаб тожикистонликларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумот туфайли Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда кеча, 24 май куни Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Айтилишича, расмий Душанбе Тожикистон фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида турли баҳоналар билан ҳибсга олинаётганидан хавотир билдирган.

“Мавжуд ва юзага келаётган миграция муаммоларига биргаликда жавоб бериш зарурлиги, шунингдек, миграция масалалари бўйича мумкин бўлган қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқишда келишилган ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди”, дейилади ТИВ хабарида.

Россия элчиси билан ТИВда бўлиб ўтган учрашувда 19 май куни эрталаб Хабаровск ўлкасидаги Комсомольск-Амуре давлат университетининг 3-сонли ётоқхонасида содир бўлган воқеа атрофлича муҳокама қилинган. Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўша куни ушбу университетда таҳсил олаётган юздан ортиқ тожикистонлик талаба Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сўроққа тутилган ва уларга шафқатсиз муносабатда бўлинган.

Вазирлик бундай воқеалар Тожикистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига тўғри келмаслиги ҳамда томонларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига зарар етказиши мумкинлигини таъкидлаган.

Қайд этиш жоизки, 23 май куни Тожикистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман Умид Бобозода Россия омбудсмани Татьяна Москальковага университетдаги воқеа ҳолатларини аниқлаш ва уни холисона тергов қилишга ёрдам беришни сўраб мурожаат йўллаган.

“ОАВ ва ижтимоий тармоқлардан олинган маълумотлардан маълум бўлишича, 19 май куни эрта тонгда ОМОН ходимлари Федарал хавфсизлик хизмати билан биргаликда талабалар истиқомат қилаётган ётоқхонага келиб, кузатув камераларини ўчириб, ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаган талабаларни қаттиқ калтаклаган. Уларнинг ҳужжатлари ва телефонлари мусодара қилинган. Оғир калтаклаш оқибатида бир неча тожикистонлик талаба жиддий жароҳат олди, улар жарроҳлик амалиётига муҳтож”, дейилади Тожикистон омбудсмани баёнотида.

Воқеа ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлгач, университет маъмурияти талабалар билан учрашув ўтказди, унда ректор Эдуард Дмитриев тожикистонлик талабалар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасидаги можарони тасдиқлаган. Шу билан бирга, у оммавий калтаклаш бўлмагани, миграция хизматининг текшируви терроризмни молиялаштирганликда айбланиб қўлга олинган талабанинг ҳибсга олиниши билан боғлиқлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия тожикистонлик талабалар ОМОН

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг