Тожикистон 35 давлат фуқаролари учун “эшик”ларини ёпди
Олам
−
03 Март 2020
8931Тожикистон Республикаси дунёда COVID-19 коронавируси тобора кенг тарқалаётган бир вақтда 35 та давлат фуқароларига мамлакатга киришни тақиқлади. Бу ҳақда АП хабар берди.
Тожикистон фуқаролик авиацияси агентлиги маҳаллий ва хорижий авиакомпанияларга ўз самолётлари бортига 35 та давлат фуқароларини олмаслик ҳақида телеграмма жўнатди. Шундай телеграмма туристик компанияларга ҳам йўлланган.
Бу огоҳлантириш коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик ва мамлакат фуқаролари саломатлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш билан асосланган.
Қуйидаги давлатлар фуқаролари Тожикистонга кириши тақиқланди: Хитой, Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Сингапур, Австралия, Малайзия, Камбожа, Филиппин, Таиланд, Непал, Шри-Ланка, Ҳиндистон, Финляндия, Италия, Британия, Испания, Швеция, Бельгия, Исроил, Австрия, Хорватия, Швейцария, АҚШ, Канада, БАА, Миср, Эрон, Ливан, Кувайт, Баҳрайн, Уммон, Афғонистон, Ироқ ва Жазоир.
Фуқаролик авиацияси агентлиги бу давлатларнинг Тожикистонга тўғридан-тўғри ёки транзит рейс билан келмоқчи бўлган фуқароларига авиачипталар сотишни тўхтатишга чақирган.
“Бу давлатлар фуқароларига авиачипта сотилиб, улар Тожикистондаги аэропортларга келса, улар шу рейсларнинг ўзи билан ортга қайтариб юборилади”, дейилган хабарда.
Шунингдек, Тожикистоннинг шу давлатлардан келган фуқаролари карантинга олинади.