Тожик-қирғиз можароси: яраланган ва қурбонлар сони қанчага етди?
Олам
−
29 Апрель 2021
13705Хабарингиз бор, сўнгги пайтларда Қирғизистон ва Тожикистон чегара ҳудудида кескинлик пайдо бўлди. Кейинчалик бу можаро аҳоли ўртасидаги тошбўрондан икки мамлакат ҳарбийларининг тўқнашувига уланиб кетди.
Ҳозирда вазият расмийлар томонидан назоратга олинди. Қирғизистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирлари ўқ узишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди.
Қирғизистон томонидан
Бироқ юқорида қайд этилганидек вазиятга ҳарбийларнинг аралашуви ушбу можарода қон тўкилишига олиб келди. Оқибатда Қирғизистон томонидан 46 киши жабрланди.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлигига кўра, ҳодиса оқибатида яраланганлардан бири амбулатория шароитида даволанмоқда, яна бири вафот этган.
“Яраланган ва танасининг турли қисмларидан шикастланган жабрдийдаларнинг қолган қисми Боткен вилояти соғлиқни сақлаш ташкилотларига ётқизилган”, дейилади вазирлик хабарида.
Тожикистон томонидан
Ушбу тўқнашув оқибатида Тожикистоннинг Исфара шаҳри ҳокими Баҳовуддин Баҳодурзода елкасидан яраланган.
“Унинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда, хавотирга ўрин йўқ”, дейилади манба хабарида.
Исфара шаҳар ҳокимлиги маъмуриятига кўра, тожик томонидан 31 киши яраланган ва уч киши ҳалок бўлган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
LiveБарчаси