Тожик-қирғиз можароси: томонлар шошилинч чоралар кўриш учун ишчи гуруҳ тузади
Олам
−
30 Апрель 2021
9939Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон ва Тожикистон вакилларининг икки мамлакат чегарасидаги қуролли можарони тартибга солиш бўйича учрашуви тўғрисида хабар берди.
"Томонларнинг тегишли органлари ходимлари орасидан тузилган келишувларнинг бажарилишини назорат қилиш ва давлат чегарасидаги вазиятни кескинлаштириш бўйича шошилинч чоралар кўриш учун ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди", дейилган хабарда.
Таъкидланишича, икки мамлакат Суғд ва Боткен вилоятларининг чегара ҳудудларида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, шунингдек чегарадан қўшин ва техникаларни чиқаришга келишиб олган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
LiveБарчаси