Тожик-қирғиз можароси: чегарага ҳарбий техникалар юборилди (видео)
Олам
−
29 Апрель 2021
18747Қирғизистон Тожикистон билан қуролли тўқнашувлар бошланган чегара ҳудудига қўшимча ҳарбий бўлинмаларни юборяпти. Ижтимоий тармоқларда чегарага яқин йўлларда БТР ва танклар ҳаракатланаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда.
Ҳар икки томон ҳужумни қарши томон бошлаганини иддао қилмоқда.
Қирғизистон томони тўқнашувларда ҳозиргача 17 киши жароҳатланиб, бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Тожикистон томони 7 киши яраланганини маълум қилди.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти олдида кўприк қуриш ҳаркатини бошлагани сабаб бўлди.
Жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Тожикистон билан чегара ҳудудида қирғиз ва тожик фуқаролари ўртасида яна зиддият келиб чиқди.
Маълум қилинишича, можаро тожик томонининг Оқсой овули Кўк-Тош қишлоғидаги устунларга видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган.
Кейинчалик, Қирғизистон Тожикистонни чегарадаги вазиятни кескинлаштираётганликда айблади.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Музаффар Ҳусайнзода қирғизистонлик дипломатга Қирғизистон Чегара хизмати вакилларининг мамлакатнинг вояга этмаган икки фуқаросига нисбатан қўллаган ноқонуний хатти-ҳаракатлари муносабати билан нота топширди.
29 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида, Боткен вилояти Кўк-тош қишлоғидаги “Головной” сув тақсимлаш пункти атрофида маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:00 да отишма бошланди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўзбекистон чегарадаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
LiveБарчаси