Тошкентга келган Саудия шаҳзодаси Шавкат Мирзиёев билан учрашди

Жамият

image_2021-07-16_17-58-16

Бугун, 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтаётган халқаро конференция доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ал-Саудни қабул қилди.

Давлат раҳбари икки томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани — ўзаро мулоқот фаоллашиб, илк йирик инвестиция лойиҳалари, энг аввало энергетика соҳасидаги лойиҳалар илгари сурилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Вазир Файсал бин Фархон Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди ҳамда Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлади.

Саудия томони Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини кучайтириш борасидаги ўз вақтида илгари сурилган муҳим халқаро ташаббусларини, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмакни юксак баҳолаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидланди.

Учрашувда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, бўлажак олий даражадаги мулоқотларнинг кун тартибини бойитиш, Ўзбекистон–Саудия муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш мақсадида янги лойиҳа ва тадбирларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида, бунгача Президент Шавкат Мирзиёев қабулида Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди,Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ҳамда Қирғизистоннинг Иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаров бўлган эди. Қабул маросими давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг