Тошкентдаги мактабда ўқитувчи биринчи иш кунидан 6-синф ўқувчисини аёвсиз калтаклади (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди. 

Қайд этилишча, ҳолат жорий йилнинг 23 сентябрь куни тахминан соат 15:00 лар атрофида Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида содир бўлган. 6-“В” синфида рус тили фани дарсида ўқитувчи Р.О.га ўқувчи Э.Г. гап қайтарган ва тортишиб қолган.

Сўнгра ўқитувчи Р.О. ўқувчи Э.Г.ни қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Видеода ўқитувчи болани куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилиб, доскага қисиб, бўйнидан бўғиб, бир неча марта ургани акс этган.

Бундан хабар топган ўқувчининг ота-онаси ўқитувчининг бу хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

Бошқарманинг маълумотларига кўра, ўқувчига тан жароҳати етмаган, ҳозирда унинг саломатлиги жойида.

“Таъкидланишича, рус тили фани ўқитувчиси Р.О. синов муддати билан мактабга ишга таклиф қилинган, расман у 188-мактабга ишга қабул қилинганлиги бўйича ҳали буйруғи чиқмаган ва юқоридаги воқеа унинг дастлабки иш кунида содир бўлган”, дейилади хабарда.

Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда ўқитувчи дарс пайтида 2 ўқувчини калтаклаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент мактаб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг