Тошкентдаги 1-сонли шаҳар клиник шифохонасида аслида нима бўлган?
Жамият
−
09 Июль
12177Бугун, 9 июль куни Тошкентдаги 1-сонли шаҳар клиник шифохонасида бино дарз кетгани ва балкон қисми ўпирилиб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ тезкор жамоаси вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа жойига етиб борди.
Бош шифокор Содиқжон Алимовнинг бизга маълум қилишича, кеча, 8 июль куни соат 10:30 лар атрофида беш қаватли бинонинг 2-қаватидаги балконнинг тагидаги тўсин дарз кетгани аниқланган. Бу бўйича ФВБ ходимларига хабар берилган.
ФВБ ходимлари бинони ўрганиб, эксперт хулосасини олиш зарурлигини айтган ва улар келгунга қадар бинонинг шу тарафидаги беморларнинг бир қисми бинонинг нариги томонига кўчирилган.
“Текширув натижасида бинонинг зарарланиши локал характерга эга экани, яъни фақат битта балконга тааллуқлилиги ва шу балконнинг конструкцияларини олиб ташлаш кераклиги тўғрисида хулоса берилди. Шу муносабат билан бугун қурувчиларни чақирдик. Бирорта бемор шифохонадан чиқартирилгани йўқ. Бинога зарар етгани йўқ. Бино тўлиқ ўз вазифасини бажаряпти. Хавотирга ўрин йўқ”, дейди Содиқжон Алимов.
LiveБарчаси