Тошкентда ёш қизга шилқимлик қилган таксичи қамалди
3-саҳифа
−
15 Февраль
12600Тошкент шаҳрида ёш қизга шаҳвоний шилқимлик қилган такси ҳайдовчиси 5 суткага қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 10 февраль куни соат 19:30 ларда 2004 йилда туғилган қиз отасининг туғилган куни сабабли ташкил этилган тадбирга бориш учун такси буюртма берган.
Манзил томон кетиб борар экан, такси ҳайдовчиси қизнинг ёшини ҳамда эгнидаги либосини гапириб, ҳар хил шаҳвоний сўзлар билан унга шилқимлик қилган.
Ҳуқуқбузар суд мажлисида қилган ишини тан олиб, жабрланувчидан кечирим сўраган ва суддан унга енгилроқ жазо тайинлашни илтимос қилган.
Суд ҳайдовчини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Жазони ўташ муддати 2024 йил 14 февралдан бошлаб ҳисобланади.
Судланувчидан маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қамоқхонаси фойдасига қамалганларни сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида 255 000 сўм ундирилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкент вилоятидаги “Нурафшон” телеканалининг бош муҳаррир ўринбосари ўз ходимасига шилқимлик қилгани учун 3 суткага қамалганди.
LiveБарчаси