Тошкентда аёлни “шантаж” билан қўрқитган эркак қамалди
3-саҳифа
−
27 Декабрь
3831Тошкент шаҳрида жинсий алоқа қилишдан бош тортган аёлга суратларини тарқатиш билан қўрқитган эркак қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг 22 декабрь куни М.С. исмли аёлга 2000 йилда туғилган Ҳ.Х. исмли эркак қўнғироқ қилиб, 3 хонали хонадонни тозалаш кераклигини айтган. Эвазига 250 минг сўм беришини айтиб, уни Миробод тумани ҳудудига таклиф қилган.
Аёл айтилган манзилга етиб борганида мазкур шахс унга пул эвазига жинсий алоқа қилишни таклиф қилган, у рози бўлмагач, унинг елкасидан қўлини ўтказиб олиб уни расмга олмоқчи бўлган. Шунда М.С. юзини ёпиб олган, кейин Ҳ.Х. агар М.С. жинсий алоқа қилишга рози бўлмаса, унинг суратини тарқатиш билан қўрқитган. Шу пайтда аёл Ҳ.Х.нинг қўлидан қочиб чиқиб ИИО ходимларига мурожаат қилган.
Суд мажлиси давомида айбланувчи ўз кўрсатмасида айбига иқрорлик билдирган.
Ҳ.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси 1-қисми (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) ва 194-моддаси 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, эркакка Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 375.000 (уч юз етмиш беш минг) сўм жарима жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ҳомиладор аёлга тегажоғлик қилиб, ҳақоратлаган 3 эркак 10 суткага қамалганди.
LiveБарчаси