Тошкентда аукцион ўйинларида ер олиб бериш учун 1,5 миллион доллар сўраган фуқаро ушланди (видео)
3-саҳифа
−
09 Сентябрь
4923Тошкент вилоятида давлат захирасидаги 5 гектарга яқин ер майдонларини мансабдор танишлари ва аукцион ўйинлари орқали олиб беришни ваъда қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 26 август куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти ДХХ, Бош прокуратура иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Қибрай туманида тезкор тадбир ўтказган. Унда тумандаги Яккатут маҳалласидан ҳокимлик захирасидаги 3,5 гектар ер майдонини аукцион ўйинлар ёрдамида олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди. У ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 1,5 миллион доллар талаб қилиб, шундан бўнак тариқасида 50 минг доллар олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Қибрай туманида яшовчи икки фуқаро эса Бўстонлиқ тумани давлат захирасидаги 1,2 гектар қишлоқ хўжалиги экин ер майдонини 384 минг долларга сотишга келишган. Улар юқори лавозимда ишлайдиган танишлари орқали ерни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 20 минг долларни бўнак сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда ноқонуний равишда қум қазиб олиш ҳолатини, Сурхондарё вилоятида эса қурилиш ишлари бўйича жиноятни ошкор қилмаслик учун пора олган мансабдор шахслар қўлга олинганди.