Тошкентда алимент тўлашдан қочган ота девор ортидан топилди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида уч нафар фарзандини моддий таъминлашдан қочиб юрган ота охир-оқибат қидирув орқали девор ортидан топилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 2023 йил 5 майдаги суд буйруғига асосан қарздор Н.Ҳ. дан ундирувчи Ш.Ҳ. фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 1/2 қисм миқдорида  алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бюронинг Яшнобод туман бўлимига 2023 йил 8 июлда келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган.

Қарздор ота 2024 йил апрель ойидан бери қидирувда бўлиб, фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб, қочиб юрган. Тезкор қидирув натижасида қарздор эркак уйининг ташқи девори ортидан топилиб, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 471-моддасига асосан жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судига юборилган. 

Суд қарорига асосан қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангандан сўнг, қарздор эркакнинг қариндошлари томонидан 54 млн 562 минг сўм алимент қарзи тўлаб берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада алимент тўлашдан қочиб, парда ортига яширинган ота қамалганди. Ўтган йили Қашқадарёда алимент тўламасдан қочиб юрган эркак уйидаги кўрпалар тагидан, Наманганда ва Сурхондарёда уй ертўласидан, Хоразмда товуқ фермасидан, Фарғона шаҳрида тунги клубдан, Андижонда холасининг ва Бухорода бувисининг уйидан топилганди. Шунингдек, илгарироқ Сурхондарё вилоятида вояга етмаган бир фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаган ота укасининг никоҳ тўйида ушланганди. Андижон вилоятида эса алимент тўлашдан қочиб юрган ота ўз уйининг қурилиши тугалланмаган ҳудудида шифер ортидан топилган.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент алимент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг