Тошкентда 3 млрд сўмдан ортиқ қийматдаги табиий газ ўғирланди
Жамият
−
25 Сентябрь 2023
4455Тошкент шаҳрида 3 млрд 838 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди. Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳрида ўтказилган назорат тадбирларида Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Р.Т.” МЧЖ табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланган.
Хусусан, ушбу МЧЖга қарашли корхонанинг 2 та буғ қозони газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланган. Мазкур ноқонуний ҳолат натижасида давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 3 млрд 838 млн 950 сўм (5 млн 816 минг 592 метр куб)ни ташкил этган.
Маълумот учун, ушбу ҳажмдаги табиий газдан 29 минг 82 та хонадон бир ой давомида фойдаланиши мумкин.
Шу билан бирга, истеъмолчининг бугунги кун ҳолатида электр энергиясидан 3 млрд 59 млн 281 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги сабабли электр тармоғидан узилган. Ушбу ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва вилоятида 4 та истеъмолчи 500 млн сўмдан ортиқ электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган эди.
Машҳура Имомова
LiveБарчаси