Тошкент вилояти “ГАИ”сига янги раҳбар тайинланди
Жамият
−
12 Октябрь
10806Полковник Азиз Садиров Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ биносида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи полковник Шерзод Ибрагимов, вилоят ИИББ бошлиғи генерал-майор Тоҳир Арипов ҳамда шахсий таркиб иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган.
Йиғилишда Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган полковник Азиз Садиров масъуллар ҳамда ходимларга таништирилди.
Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳрини вилоятлар билан боғловчи йўллар Тошкент вилояти ҳудудидан ўтиши, мазкур йўлларда транспорт воситаларининг серқатновлигини инобатга олган ҳолда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни янада жадаллаштириш лозимлиги таъкидланиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят автомобиль йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан танқидий тарзда сўз юритилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи, полковник Олим Чориқулович Саидов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилганди. Унинг ўрнига полковник Шерзод Шокирович Ибрагимов Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Рафиқжон Қўлдошевич Жалилов ўз хоҳишига кўра ишдан кетди ва полковник Муҳаммад Одилов шаҳар ИИББ ЙХҲБ бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.