Тошкент аэропортида вино шишаларига наркотик яширган йўловчилар ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент халқаро аэропортида хориждан синтетик гиёҳвандлик воситасини ноқонуний олиб киришга уринган 2 нафар йўловчи ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 4 август куни “Тошкент-Аэро” ИБК Контрабандага қарши курашиш шуъбаси ҳамда “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилган.

Бангкокдан Тошкентга учиб келган 2 нафар йўловчи божхона назоратидан “яшил” йўлак орқали ўтган. Бироқ уларнинг юк халталари текширилганда, бир-бирига ўхшаш 2 дона вино шишаси ҳамда 2 дона пластик идиш борлиги аниқланган.

Экспертиза натижасида ушбу идишларда жами 6,8 килограмм мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлган.

Билдирилишича, йил бошидан буён божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 471 та ҳолатда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва яширин айланмасига чек қўйган. Ушбу ҳолатларда жами қарийб 1 тонна 800 килограмм гиёҳвандлик воситалари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга қадар ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент халқаро аэропортида 4,4 килограмм мефедрон синтетик наркотик моддасини мамлакатга олиб киришга уринган Қозоғистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг