Тошкент аэропортида 4,4 кг наркотикни ширинлик қадоқларига яширган қозоғистонлик ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент халқаро аэропортида 4,4 килограмм мефедрон синтетик наркотик моддасини мамлакатга олиб киришга уринган Қозоғистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида “Бангкок – Шаржа – Тошкент” авиайўналиши орқали мамлакатга келган 1994 йилда туғилган Қозоғистон фуқаросининг қўл юклари Тошкент халқаро аэропортида текширувдан ўтказилган. Текширув давомида 8 дона турли хил ширинлик қадоқлари ҳамда 5 дона пластмасса идиш ичидан жами 4,4 килограмм мефедрон синтетик наркотик моддаси аниқланган.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, интернетдаги наркодўкон бошқарувчисининг топшириғига кўра, мазкур наркотик моддани пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида Янгийўл шаҳрида яшовчи, 2006 йилда туғилган шахсга топшираётган вақтида у ҳам қўлга олинган.

Текширув жараёнида маҳаллий фуқаронинг ёнидан пневматик пистолет ҳам топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Билдирилишича, ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбирда мамлакатга олиб кирилаётган 11,8 килограмм гашиш мойи мусодара қилинган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг