“Толибон” ўзбек тилига тақиқ қўймасликка ваъда берди
Жамият
−
06 Январь 5336 2 дақиқа
Аввалроқ, “Толибон” муваққат ҳукумати ўзбеклар энг кўп яшовчи мамлакатнинг шимолида жойлашган Саманган университети пештоқидан ўзбек тилидаги ёзувларни олиб ташлагани, бу эса ҳақли равишда жамоатчилик норозилигига сабаб бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 6 январь куни “Толибон” мамлакатнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Саманган университетида ўзбек тилига нисбатан ҳеч қандай чеклов жорий этмасликка ваъда берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.
Унга кўра, ўзбек тили билан юзага келаётган муаммолар бўйича Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги билан вазиятга ойдинлик киритган. Афғонистонлик расмийлар ушбу хабарлар “ҳақиқатга тўғри келмаслигини, мамлакат ҳудудида ўзбек тилининг ишлатилишига нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқлигини” қатъий таъкидлаб, Афғонистон ҳукумати ва халқи ўзбек халқи ҳамда тилига чуқур ҳурмат билан муносабатда эканини алоҳида қайд этган.
“Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили маълум қилишича, ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари пештоқларидаги ёзувларни ягона стандарт асосида тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур амалиётга кўра, таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувлар бутун мамлакат бўйлаб уч тилда – пушту, дарий ва инглиз тилларида акс эттирилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Саманган университети учун истисно тариқасида ёзувлар пушту, дарий ва ўзбек тилларида берилиши белгиланган”, дейди Бурхонов.
Шунингдек, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларнинг ифодаси сифатида Афғонистон ҳукумати томонидан тарихда илк бор Жузжон давлат университетида жорий йилдан бошлаб магистратура босқичида “Ўзбек тили ва адабиёти” факультетини ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги вазият бўйича муносабат билдириб, ўзбек тилига нисбатан чекловлар вазирликда жиддий ташвиш уйғотишини билдирган эди.
Live
Барчаси