“Ўзбек тилига нисбатан чекловлар бизда ташвиш уйғотади”. ТИВ Афғонистондаги вазият бўйича муносабат билдирди
Жамият
−
05 Январь 7268 1 дақиқа
Аввалроқ, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати мамлакатнинг ўзбеклар энг кўп яшовчи минтақаларидан бирида жойлашган Саманган университети пештоқидан ўзбек тилидаги ёзув олиб ташлагани, бу жамоатчиликда норозилик уйғотгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов QALAMPIR.UZ’га муносабат билдирди.
Таҳририят журналистининг саволларига жавоб берар экан, Бурхонов Афғонистондаги вазиятни доимий равишда ва диққат билан кузатиб борилаётганини урғулаган. Унга кўра, ўзбек тилига қўйилиши мумкин бўлган ҳар қандай чекловлар жиддий хавотир уйғотади.
“Ўзбек тилининг қўлланишига нисбатан эҳтимолий ҳар қандай чекловлар бизда табиий ташвиш уйғотади. Шу муносабат билан Афғонистон томони билан мазкур масалалар юзасидан мунтазам мулоқот олиб борилмоқда”, дейди у.
Бурхоновга кўра, Афғонистон томони ўз навбатида ўзбек тилидан фойдаланишга нисбатан ҳеч қандай чекловлар жорий этилмаганини ва келгусида ҳам бундай чоралар кўрилмаслигини маълум қилган. Шунингдек, улар Ўзбекистон Республикасига, ўзбек тилига ва ўзбек халқига чуқур ҳурмат билан муносабатда эканликларини таъкидламоқда.
Live
Барчаси