“Толибон” шарт қўйди. Ташкилот Афғонистон бўйича тинчлик жараёнларидан бош тортмоқда

Жамият

image
0:00
0:00
download

Халқаро кучлар мамлакатни тарк этмагунига қадар “Толибон” Афғонистон бўйича бирон бир конференцияда иштирок этмайди. Бу ҳақда Қатардаги “Толибон” сиёсий бюросининг Матбуот котиби Муҳаммад Наим Вардак ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзди. 

Унинг таъкидлашича, Толибон қарорларни маслаҳатлашувлар асосида қабул қилади. 

Жорий йилнинг 24 апрелидан 4 майгача Туркиянинг Истанбул шаҳрида Афғонистондаги тинчлик жараёни бўйича халқаро конференция бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Ушбу тадбир Туркия, Қатар ва БМТ томонидан Афғонистон ҳукумати вакиллари ва “Толибон” ҳаракати делегацияси иштирокида ташкил этилиши кўзда тутилган. 

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги конференция ташкилотчилари Афғонистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва бирлигини қўллаб-қувватлаш зарурати тўғрисида позицияни бирлаштирганини таъкидлади. 

“The Washington Post” газетасига кўра, Президент Жо Байден Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетишга ва ниҳоят АҚШнинг Афғонистондаги урушини тугатишга қарор қилган. Тез орада Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш бўйича ўз қарорини эълон қилиш кутилмоқда. 

“Қўшма Штатлар 1 майга қадар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш жараёнини бошлайди. Америка қўшинларини ушбу мамлакатдан тўлиқ олиб чиқиб кетиш 11 сентабргача режалаштирилган”, деган Вашингтондаги манба.

АҚШ ортидан Буюк Британия Ҳукумати ҳам деярли барча ҳарбийларини Афғонистон ҳудудидан олиб чиқишни режалаштирмоқда.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, Афғонистонда Британиянинг 750 нафар аскари бор. 

Нашр манбасининг таъкидлашича, инглизлар у ерда америкалик ҳарбийларнинг ёрдамисиз қийналиб қолади. 

Маълумот учун, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. 

Бироқ, жорий йил январь ойида АҚШнинг янги Президенти Жо Байден маъмурияти “Толибон” билан тузилган шартномани қайта кўриб чиқиш ниятида эканини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 10 апрель куни Қатар пойтахти Доҳада “Толибон” ҳаракати сиёсий ваколатхонаси раҳбари мулла Бародар Ахунд билан учрашди. Унда Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш мақсадида тинч сиёсий жараённи илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Тинчлик жараёни

Баҳолаганлар

197

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг