“Толибон” Панжшерга ҳужум бошлади
Олам
−
02 Сентябрь 2021
17323“Толибон” Афғонистоннинг Панжшер вилоятида Миллий қаршилик фронти жангариларига кенг кўламли ҳужум уюштирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Операция давомида тўққиз нафар жангари, шунингдек, икки нафар дала қўмондони ўлдирилган, кўплаб қурол-яроғ ва ўқ-дорилар эса қўлга киритилган”, дейди ҳарбий манба агентликка.
Унга кўра, “Толибон” Дарбанд-Гарани, Гулбаҳор ва Шатал туманларида 11 та душман ўт отиш чизиғини йўқ қилишга муваффақ бўлган.
Кеча, 1 сентябрь куни Миллий қаршилик кучлари “Толибон”га қарши чиққанларнинг асосий таянч пунктига айланган Панжшер дарасидаги олтита позицияни ҳаракат эгаллаб олгани ҳақидаги маълумотни инкор қилган.
Миллий қаршилик фронти вакили Фаҳим Даштининг журналистларга маълум қилишича, ўтган бир кун ичида “Толибон” Панжшерга бир неча маротаба ҳужум уюштирган, аммо мағлубиятга учраган. Унга кўра, 40 га яқин толиблар ўлдирилган, яна 35 киши яраланган. Даштининг қўшимча қилишича, ҳаракат Панжшерга қўшни Боғлон вилоятидан ҳужум қилмоқда.
Бундан аввал, “Толибон”нинг Бошқарув бўйича комиссияси раҳбари, шунингдек Панжшер губернатори Aмир Хон Моттаки ҳаракат ва қаршилик кучлари ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз бўлганини маълум қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.
Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати ўзига бўйсунмаётган Панжшер вилоятидаги қаршилик кучларига ҳужум қилиши оқибатида 300 дан ортиқ жангарисини йўқотганди.
LiveБарчаси