“Толибон”га қарши жиддий операциялар: бир суткада қарийб 600 жангари йўқ қилинди
Олам
−
09 Август 2021
23267Афғонистон ҳарбийлари мамлакатнинг Қандаҳор, Ҳирот, Ҳелманд, Пактия ва бошқа провинцияларида кенг кўламли операция ўтказди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлигининг Twitter саҳифасида хабар берилди.
Қайд этилишича, Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари томонидан сўнгги бир суткада “Толибон” ҳаракатининг 579 жангариси йўқ қилинган, яна 161 киши яраланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 август куни Афғонистон ҳарбийлари бир суткада “Толибон” ҳаракатининг 455 нафар жангарисини йўқ қилиб, 232 кишини яралаганди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 7 август куни АҚШнинг “В-52 Stratofortress” бомбардимончи самолётлари Жузжон вилоятининг Шибирғон шаҳрида “Толибон”га қарши авиаҳужум уюштирган. Aфғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фавад Омоннинг сўзларига кўра, бунинг натижасида 200 дан ортиқ “Толибон” жангариси, шунингдек, 100 дан ортиқ транспорт воситалари, кўп миқдордаги қурол ва ўқ-дорилар йўқ қилинган.
Маълумот учун, ҳозирда Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида ҳарбий ҳаракатлар кетяпти. Кимнинг қўли баланд келиши борасида бир аниқ башорат бериш қийин. Чунки Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисидан ҳар куни турли хил хабарлар келмоқда.
Бир сафар толиблар Афғонистоннинг бирор туманини эгаллагани айтилса, бошқа сафар ҳукумат кучлари ҳаракат аъзоларининг бир қанча жангариларини йўқ қилганини айтмоқда. Жумладан, Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бир суткада “Толибон” ҳаракатининг 450 дан ортиқ жангарасини йўқ қилгани ҳақида хабар берган бўлса, июль ойи охирида ҳаракатнинг бир неча қўмондонлари ҳибсга олингани айтилганди. Шу ўринда, мамлакатни тарк этаётган АҚШнинг уринишларини эсдан чиқармаслик керак. Америка Ҳаво кучлари бир неча марта толибларни ҳаводан ўққа тутиб, “Толибон”ни фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормасликка чақирди. Ўз навбатида, расмий Қобул “Толибон” билан тинчлик ўрнатишга рози эканини маълум қилган.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси