АҚШ “Толибон”га ҳаводан ҳужум қилди
Олам
−
28 Июль 2021
19762АҚШ ҳарбийлари бу ҳафта “Толибон” ҳаракатига қарши Афғонистон ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаш учун самолётлар ва дронларни ҳаракатга келтирди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
“Сўнгги кунларда одамлар бошқарадиган ва учувчисиз техникалар ёрдамида зарбалар берилди”, деган Пентагон вакили Роберт Лодевик.
Ўз навбатида “Associated Press”нинг қўшимча қилишича, ҳужумлар учун самолётлар Афғонистон ташқарисидаги аэродромлардан олинган. Чунки Қўшма Штатлар аллақачон бу мамлакатдан жанговар самолётларини олиб чиқиб кетган.
Аввалроқ, АҚШнинг Марказий қўмондонлиги қўмондони Кеннет Маккензи “Толибон” ҳаракати Афғонистон ҳудудларига ҳужумларни тўхтатмаса, АҚШ уларга авиазарба беришда давом этишини маълум қилганди.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь