АҚШ қатъий талаб қўйди: “Толибон” ҳужумни тўхтатмаса...

Олам

image

“Толибон” ҳаракати Афғонистон ҳудудларига ҳужумларни тўхтатмаса, АҚШ уларга авиазарба беришда давом этади. Бу ҳақда “Интерфакс” нашри хабар бермоқда

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Кеннет Маккензийнинг таъкидлашича, агар “Толибон” ҳаракати ҳужумларни тўхтатмаса, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Афғонистон қўшинларига ҳаводан жадал ёрдам беришда давом этаверади.

“Очиқчасига огоҳлантиришни истардимки, шу кунларда Афғонистон ҳукумати қийин синовларга дуч келади. “Толибон” ўзларининг ғалабаси муқаррарлигини кўрсатмоқчи, бироқ улар адашади”, дея қўшимча қилди Маккензий.

Маълумот ўрнида, АҚШ Афғонистондан ўз контингентини олиб чиқиб кетаётган вақтда Афғонистон армиясига ёрдам бериш мақсадида “Толибон”га бир неча маротаба авиазарбалар берган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда “Толибон”га қарши курашаётган ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаш учун бир неча марта ҳаво ҳужумларини уюштирганди.

Ҳужумлар стратегик аҳамиятга эга ҳисобланган Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятига қаратилган. АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумининг аксарияти дронлар ёрдамида амалга оширилган. Улар “Толибон” ҳаракати томонидан Афғонистон Миллий мудофааси ва Хавфсизлик кучларидан тортиб олинган ҳарбий техникани нишонга олган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Толибон

Баҳолаганлар

370

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг