Нишонда “Толибон”. АҚШ Афғонистонга бир неча ҳарбий ҳужумлар уюштирди

Олам 15065
image

АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда “Толибон”га қарши курашаётган ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаш учун бир неча марта ҳаво ҳужумларини уюштирди. Бу ҳақда “Associated Press” нашри  АҚШ расмийларига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳужумлар стратегик аҳамиятга эга ҳисобланган Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятига қаратилган. АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумининг аксарияти дронлар ёрдамида амалга оширилган. Улар “Толибон” ҳаракати томонидан Афғонистон Миллий мудофааси ва Хавфсизлик кучларидан тортиб олинган ҳарбий техникани нишонга олган.

Қайд этилишича, Қўшма Штатлар ушбу ҳаво ҳужуми учун Яқин Шарқда жойлашган ҳарбий базаси самолётларидан фойдаланган бўлиши мумкин. Бундай ҳаво ҳужумлари жорий йилнинг 31 август куни — АҚШ Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетгунга қадар амалга оширилиши кутилмоқда.

“Сўнгги бир неча кун ичида биз Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш учун ҳаво ҳужумлари билан ҳаракат қилдик”, дейди Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатларининг хавфсзлиги ҳамда ҳарбий машғулотлар ўтказиш учун Россия жорий йилнинг июль ойи охири ва август ойи бошларида Афғонистон чегарасига ҳарбий самолётларини юборади. Тожик-афғон чегарасида ўтказиладиган ҳарбий машғулотларга Ўзбекистон ҳам жанговар самолёт, зирҳли техника ва махсус кучларини юборади. Қайд этиш жоиз, Россия танкларини тожик-афғон чегарасига юбориб улгурди

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 238
Рейтинг: 3
t
×