Россия танклари Афғонистон чегарасига етиб борди
Олам
−
21 Июль 2021
20938Россиялик танкчилар 200 км масофани босиб ўтиб, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари билан ҳамкорликда машғулотлар ўтазиладиган Афғонистон билан чегарадаги Ҳарб-Майдон полигонига етиб борди. Бу ҳақда ТАСС Марказий ҳарбий округ матбуот хизматига таяниб хабар берди.
“Йўл давомида T-72 танклар экипажи конвойнинг жанговар муҳофазаси, шартли зарарланган ерни кечиб ўтиш, разведка гуруҳлари ҳужуми ва “душман”нинг ҳаво зарбасига қарши туриш тактикаларини тузиб чиққан. Экипажлар машғулот майдонига етиб боргач, жанговар машиналар учун жойлар ва бошпаналарни жиҳозлашга киришган”, дейилади хабарда.
Россиянинг 50 га яқин ҳарбий техникаси аллақачон полигонга етиб борган. Ҳарбий округ матбуот хизмати машқларда жами қанча зирҳли машиналар қатнашишига аниқлик киритмаган.
Аввалроқ жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказиши ҳақида хабар бергандик. Қайд этиш керакки, ушбу ҳарбий машғулотларнинг бир қисми Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида бўлиб ўтади.
Тожик-афғон чегарасида ўтказиладиган ҳарбий машғулотларга Ўзбекистон ҳам жанговар самолёт, зирҳли техника ва махсус кучларини юборади.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда
LiveБарчаси