Германия ортидан Италия ҳам Афғонистондан ҳарбийларини олиб чиқиб кетди
Олам
−
01 Июль 2021
7441Италия ўз ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиш операциясини якунлади. Бу ҳақда Италия Мудофаа вазири Лоренцо Гуэрини кеча, 30 июнь куни маълум қилган.
“Кеча Италиянинг Афғонистондаги миссияси расман якунланди”, деган вазир.
Таъкидланишича, италиялик ҳарбийларнинг бир неча ўн кишидан иборат сўнгги гуруҳи Афғонистоннинг Ҳирот вилоятидан чиқиб кетган. Вазирга кўра, энди Италия Афғонистон ҳукуматига қўшинларсиз ёрдам беришда давом этади.
Маълумот ўрнида, Италия НАТОнинг Афғонистондаги миссиясининг энг фаол иштирокчиларидан бири эди. Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, Афғонистон ҳудудида тахминан 20 йилга яқин вақт давомида Италиянинг 53 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, яна 723 киши жароҳат олган. Умуман олганда, бу вақт ичида Афғонистонда 50 минг италиялик ҳарбий хизмат қилган.
Аввалроқ, Германия 20 йиллик миссиядан сўнг Aфғонистондаги қўшинларининг сўнгги контингентини олиб чиқиб кетгани ҳақида хабар бергандик.
АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
Фаоллашган "Толибон"
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь