Россия ўзбек-афғон чегарасига жанговар самолётларини юборади

Олам

image
0:00
0:00
download

Россиянинг Қирғизистондаги “Кант” қўшма ҳарбий базаси Су-25СМ ҳужум самолёти экипажлари Афғонистон билан чегара яқинида Россия-Ўзбекистон қўшма машғулотларига жалб қилинади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Марказий ҳарбий округи хабар берди.

Машғулотлар 30 июлдан 10 августгача Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарада жойлашган “Термиз” полигонида ўтказилиши режалаштирилган.

Россия Марказий ҳарбий округининг хабар беришича, машқларда Су-25СМ ҳужум самолётлари гуруҳи иштирок этади. 

“Машқлар давомида россиялик учувчилар Марказий Осиё минтақаси давлатларининг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш учун жанговар тайёргарлик вазифаларини бажарувчи қўшинлар гуруҳига ҳаводан ёрдам беришади”, деб аниқлик киритган ҳарбий округ.

Шунингдек, Су-25СМ экипажлари шартли рақибнинг яширин базаларини аниқлаш, йўқ қилиш ва кўчма ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларидан қочиш машқларини бажаради.

Машғулотларда Россия контингенти Марказий ҳарбий округнинг тинчликпарварлик бўлинмаси ва махсус бўлинма ҳарбий хизматчиларидан иборат бўлади.

Аввалроқ жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказиши ҳақида хабар бергандик. Қайд этиш керакки, ушбу ҳарбий машғулотларнинг бир қисми Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида бўлиб ўтади.

Тожик-афғон чегарасида ўтказиладиган ҳарбий машғулотларга Ўзбекистон ҳам жанговар самолёт, зирҳли техника ва махсус кучларини юборади. Қайд этиш жоиз, Россия танкларини тожик-афғон чегарасига юбориб улгурди.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

239

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг