Кетишини айтган АҚШ Афғонистонга ҳарбий самолётлар юборди
Олам
−
08 Август 2021
16409Америка Қўшма Штатлари “Толибон” ҳаракатига қарши курашиш учун Афғонистонга “B-52 Stratofortress” бомбардимончиларини юборди. Бу ҳақда “The Times” газетаси АҚШ Мудофаа вазирлигидаги манбаларига таяниб ёзмоқда.
Қайд этилишича, Афғонистон томон учган бомбардимончилар АҚШнинг Қатардаги Ал-Удеид авиабазасидан ҳавога кўтарилган. Уларнинг сони номаълум.
“Самолётлар Қандаҳор, Ҳирот, Лашкаргоҳ провинциялари яқинидаги ҳамда Ҳелманддаги нишонларга ҳужум қилган. АҚШ, шунингдек, “AC-130 Spectre” самолётлари ва “MQ-9 Reaper” жанговар учувчисиз самолётларидан ҳам фойдаланган”, дея ёзади нашр.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден мамлакат қўшинлари жорий йилнинг 31 августига қадар Афғонистонни тарк этишини айтган. Ани вақтда расмий Вашингтон Ағонистондан қарийб 90 фоиз қўшинини олиб чиқиб кетишга улгурган. Қайд этиш керакки, АҚШ кеча, 7 август куни Афғонистондаги фуқароларидан мамлакатни зудлик билан тарк этишни сўраган эди.
Маълумот учун, ҳозирда Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида ҳарбий ҳаракатлар кетяпти. Кимнинг қўли баланд келиши борасида бир аниқ башорат бериш қийин. Чунки Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисидан ҳар куни турли хил хабарлар келмоқда.
Бир сафар толиблар Афғонистоннинг бирор туманини эгаллагани айтилса, бошқа сафар ҳукумат кучлари ҳаракат аъзоларининг бир қанча жангариларини йўқ қилганини айтмоқда. Жумладан, Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бир суткада “Толибон” ҳаракатининг 450 дан ортиқ жангарасини йўқ қилгани ҳақида хабар берган бўлса, июль ойи охирида ҳаракатнинг бир неча қўмондонлари ҳибсга олингани айтилганди. Шу ўринда, мамлакатни тарк этаётган АҚШнинг уринишларини эсдан чиқармаслик керак. Америка Ҳаво кучлари бир неча марта толибларни ҳаводан ўққа тутиб, “Толибон”ни фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормасликка чақирди. Ўз навбатида, расмий Қобул “Толибон” билан тинчлик ўрнатишга рози эканини маълум қилган.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь