АҚШ Афғонистондаги фуқароларидан дарҳол мамлакатни тарк этишни сўради
Олам
−
07 Август 2021
8707Афғонистонда юзага кескин вазият туфайли АҚШнинг Қобулдаги элчихонаси америкаликлардан мамлакатни тарк этишни сўради. Бу ҳақда дипломатик миссия сайтида хабар қилинди.
Хабарга кўра, АҚШ элчихонаси мавжуд тижорат рейсларидан фойдаланиб, Америка фуқароларини Афғонистонни дарҳол тарк этишга чақирмоқда. Хавфсизлик шартлари, шунингдек штатлар камайтирилгани ҳисобга олинадиган бўлса, ҳатто Қобулда ҳам элчихонанинг Афғонистондаги АҚШ фуқароларига ёрдам кўрсатиш имконияти йўқ.
Қайд этилишича, элчихона ҳозирда АҚШга кетиш учун тижорат рейсларига чипта олиш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга карз беришга таййёр.
Шунингдек, АҚШ ваколатхонаси фуқаролар хавфсизлик борасида барча янгиликлардан хабардор бўлиши учун, қолаверса, улар билан фавқулодда вазиятларда боғланиш осон бўлиши учун STEP (Smart Traveler Enrollment Program) дастурида рўйхатдан ўтишни тавсия қилган. Айтилишича, кейинчалик расмий экспорт рейси амалга оширилганда дастур фойдаланувчиларига хабар беради.
Маълумот ўрнида, Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасидаги қарама-қаршилик бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Сўнгги кескин қуролли тўқнашувлар жорий йилнинг май ойида АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этишни бошлаганида авж олди. Қишлоқ ва чегаранинг муҳим ҳудудларини эгаллаб олган “Толибон” йирик шаҳарларга қарши ҳужум уюштирмоқда.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси