Афғонистон армияси бир суткада “Толибон”нинг қарийб 500 жангарисини йўқ қилди
Олам
−
02 Август 2021
17332Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (АММХК) бўлинмалари охирги бир кун ичида “Толибон” ҳаракатининг 455 нафар жангарисини йўқ қилди ва яна 232 кишини яралади. Бу ҳақда бугун, 2 август куни мамлакат Мудофаа вазирлигининг Twitter саҳифасида хабар берилди.
Қайд этилишича, Афғонистон Армияси Нангархар, Пактия, Пактика, Лаҳор, Қандаҳор, Ҳирот, Фарёб, Жовзжон, Балх, Саманган, Ҳелманд, Тахор, Қундуз, Боғлон ва Каписа провинцияларида қаттиқ жанглар олиб бормоқда.
Айниқса, кучли қарама-қаршилик Афғонистоннинг учинчи энг йирик аҳоли пункти бўлган Ҳирот шаҳри учун кечмоқда. Толиблар ушбу шаҳарнинг марказий кварталларига кирган. АММХК махсус кучлар бўлинмаларини Ҳиротга қўшимча куч сифатида ташлаган. Уларнинг ёрдамида “Толибон”нинг шаҳар қамоқхонасига бостириб киришига чек қўйилган.
Маълумот ўрнида, “Толибон” ҳаракатининг сўзларига кўра, улар мамлакатнинг 90 фоизга яқинини ўз назоратига олган. Бироқ расмий Қобул буни рад этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида “Толибон” Ғарб коалицияси қўшинлари чиқиб кетиши билан Афғонистоннинг беш давлат — Эрон, Тожикистон, Туркманистон, Хитой ва Покистон билан чегарадош ҳудудларини назорат остига олди.
Афғонистон Қуролли кучларининг янги қўмондони генерал Вали Муҳаммад Аҳмадзайга кўра, армиянинг устувор вазифаси мамлакатнинг асосий шаҳарлари, чегара ўтиш жойлари ва автомобиль йўлларини толиблардан ҳимоя қилишдир. Унинг сўзларига кўра, ҳаракат раҳбарлари биринчи навбатда товар етказиб бериладиган асосий йўлларни кесиб, кейин шаҳар ва провинцияларга ҳужум уюштирмоқчи.
Қайд этиш керакки, ҳозирда Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида ҳарбий ҳаракатлар кетяпти. Кимнинг қўли баланд келиши борасида бир аниқ башорат бериш қийин. Чунки Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисидан ҳар куни турли хил хабарлар келмоқда.
Бир сафар толиблар Афғонистоннинг бирор туманини эгаллагани айтилса, бошқа сафар ҳукумат кучлари ҳаракат аъзоларининг бир қанча жангариларини йўқ қилганини айтмоқда. Жумладан, Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бир суткада “Толибон” ҳаракатининг бир қанча жангарасини йўқ қилгани ҳақида хабар берган бўлса, июль ойи охирида ҳаракатнинг бир неча қўмондонлари ҳибсга олингани айтилганди. Шу ўринда, мамлакатни тарк этаётган АҚШнинг уринишларини эсдан чиқармаслик керак. Америка Ҳаво кучлари бир неча марта толибларни ҳаводан ўққа тутиб, “Толибон”ни фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормасликка чақирди.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси