Қобул “Толибон” билан тинчлик ўрнатишга тайёр. Ҳукумат асосий шартини эълон қилди

Олам

image

Афғонистон ҳукумати “Толибон” ҳаракати билан тинчлик ўрнатишга тайёр, лекин ҳукуматнинг бир қанча шартлари бор. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар маълум қилган. 

“Афғонистон ҳукумати “Толибон”ни ҳокимиятни бўлишиш битимига қўшишга ва биргаликда ишлашга тайёрми? Жавоб ҳа. Биз “Толибон” билан ишлашга тайёрмиз, уларни ҳукуматга олишга тайёрмиз, улар билан тинчлик ўрнатишга ва ҳокимиятни бўлишишга тайёрмиз”, деган Атмар. 

Унинг сўзларига кўра, сулҳ тузишнинг асосий шартларидан бири шундаки, мамлакат ичидаги Афғонистон келажаги афғон халқининг хоҳиши билан ҳал қилиниши керак. Вазирга кўра, ҳамкорлик учун “Толибон” терроризмни ҳам қўллаб-қувватламаслиги керак. 

“Афғонистон ташқи чегараларидаги бошқа давлатлар учун хавф туғдирмаслиги керак ва бизда битта ҳам хорижий террорчи куч бўлмаслиги керак. Баъзи давлатлар “Толибон” билан алоқада. Биз “Толибон”ни тинчлик ва сиёсий келишув зарурлигига ишонтиришга ҳаракат қиламиз, лекин зўравонлик ва хорижий террорчилар билан ҳамкорликни давом эттиришга ундамаймиз”, деган Атмар.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг